Чифте Минарели Мадраса — Эрзурумнинг бетакрор меъморий мероси

Тарихий манбаларга кўра, мадраса 1271 йилда Салжуқ султони Алоуддин Кайқубод Iнинг қизи Худованд хотун томонидан қурдирилган. Шу сабабли айрим манбаларда иншоот «Хатуния мадрасаси» номи билан ҳам тилга олинади. Мадраса Салжуқийлар даври охирига тўғри келади (айрим тадқиқотларда уни Илхонийлар даврига мансуб деб кўрсатишади, чунки қурилиш услубида ўша давр таъсири сезилади).

Мадрасанинг “Чифте Минарели” деб аталиши унинг асосий кириш қисмида жойлашган иккита найсимон минора билан боғлиқ. Ушбу миноралар тахминан 26 метр баландликка эга бўлиб, пастки қисми тошдан, юқори қисми эса ғишт ва кошин билан безатилган. Улар фасадга улуғвор кўриниш бағишлаб, мадрасани Эрзурум манзарасининг ажралмас қисмига айлантирган.

Мутахассислар мадрасанинг шарқий томондаги тож дарвозасини ўрта аср Анадолу меъморчилигининг энг гўзал намуналаридан бири сифатида баҳолайдилар. Кириш қисмида ҳар икки томонда паннолар жойлашган. Ўнг томонда икки бошли бургут тасвири мавжуд бўлиб, у салжуқийлар давлат рамзи ҳисобланади. Чап томондаги нақш эса тугалланмаган ҳолда қолгани билан эътиборни тортади.

Мадраса умумий ҳисобда 35 × 48 метр майдонни эгаллайди. Марказида 26 × 10 метр ўлчамдаги очиқ ҳовли бўлиб, унинг атрофи талабалар учун мўлжалланган ҳужралар ва хизмат бинолари билан ўралган. Ҳовлининг ғарбий қисмига масжид туташган, жанубий томонида эса учта мақбара жойлашган. Бу ҳолат мадрасанинг таълим, диний ва дафн маросимлари билан боғлиқ вазифаларни бир вақтда бажарганини кўрсатади.
Айрим тарихий манбаларда Чифте Минарели Мадраса Кичик Осиёдаги илк астрономия мактабларидан бири сифатида ҳам тилга олинади (бу маълумот тўлиқ ҳужжатлар билан тасдиқланмаган бўлса-да, мадрасанинг илмий салоҳияти юқори бўлганини кўрсатади).
Кейинги асрларда мадраса ўз асл вазифасини йўқотган. Усмонийлар даврида, хусусан IV Мурод ҳукмронлиги вақтида, иншоот аввал тўпхона, кейинчалик ҳарбий қишла сифатида фойдаланилган. Бу даврда бинога маълум даражада зарар етган.
XX аср бошларига келиб мадраса хароб ҳолга тушган. 1930-йилларда таъмир ишлари бошланган, 1943 йилдан эса иншоот музей сифатида фаолият кўрсата бошлаган. 1976 йилда амалга оширилган кенг кўламли реставрация ишлари орқали мадрасанинг меъморий қиёфаси сақлаб қолинган.

Бугунги кунда Чифте Минарели Мадраса Эрзурум шаҳрига ташриф буюрувчи сайёҳлар учун албатта кўрилиши лозим бўлган тарихий масканлардан бири ҳисобланади. Ушбу иншоот орқали меҳмонлар ўрта аср таълим тизими, меъморчилик санъати ва илмий анъаналар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўладилар. Икки минороси билан шаҳар манзарасига ўзига хос қиёфа бағишлаётган бу мадраса Эрзурумнинг маданий меросида алоҳида ўрин тутади.
Учқун Намозов
Туркиянинг Эрзурум шаҳридан.






