“Софи оши” географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтди

Бу қарор орқали “Софи оши”нинг асл келиб чиқиши, ўзига хос таъми ва асрлар давомида шаклланган тайёрлаш усулларини сақлаб қолиш мақсад қилинган. Шунингдек, таом номидан нотўғри ёки ўзга ҳудудларга нисбатан асоссиз фойдаланишнинг олди олинади.
Мутахассислар фикрича, миллий таомларни географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказиш ҳудудий брендни мустаҳкамлаш, гастрономик туризмни ривожлантириш ва маҳаллий ошпазлик анъаналарини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. “Софи оши”нинг давлат рўйхатидан ўтказилиши эса Бухоронинг бой маданий ва кулинар меросини янада кенг тарғиб қилишга замин яратади.







