Визасиз мамлакатлардан келган халқаро юк ташувчилар учун Россияда қолиш муддати узайтирилиши мумкин

Лойиҳага кўра, халқаро автомобиль юк ташувлари билан шуғулланувчи визасиз режимдаги чет эл фуқароларининг Россия ҳудудида вақтинча бўлиш муддати календарь йили давомида 180 кунгача оширилиши режалаштирилган.
Ҳозирда мазкур муддат 90 кун билан чекланган.
Яшаш муддатини узайтириш учун ушбу тоифадаги чет эл фуқаролари «Госуслуги» портали ёки «RUID» мобил иловаси орқали электрон ариза тақдим этишлари керак бўлади. Аризага халқаро юк ташиш фаолиятини тасдиқловчи ҳамда шахсни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхалари илова қилинади.
Белгиланган тартибда ариза топширилмаса, Россияда вақтинча бўлиш муддати амалдаги қоидага мувофиқ 90 кун билан чекланади.






