USD/UZS: 12879,95

RUB/UZS: 150,69

EUR/UZS: 13520,08

Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида ўзбек тили мактаби очилади

Portal24
img

Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида 21-феврал – "Халқаро она тили куни" муносабати билан шаҳар мерияси ва шаҳар хорижликлар вакиллиги (КАВ) томонидан ярмарка ташкил этилди.

Тадбирда Гессен федерал ерида аккредитация қилинган дипломатик корпус, нодавлат ташкилотлари, маданият ва тил марказлари ходимлари ва бошқалар иштирок этди.

 

Халқаро тиллар ярмаркасида кўплаб давлатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам иштирок этди. Ўзбек тилини хорижликлар ўртасида яна-да оммалаштириш мақсадида Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан "Ўзбегойим" аёллар клуби билан биргаликда ҳамда "Ватандошлар" жамоат фонди кўмагида ўзбек тилининг тарихий шаклланиши ва ривожланишига бағишланган миллий стенд ташкил этилди.

 

Иштирокчиларга Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва бошқа буюк аждодларимиз асарларида ифода этилган ўзбек тилининг бой тарихий илдизлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилгани халқимизнинг миллий мустақилликка эришиш ва ижодий ривожланиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлгани таъкидланди. Тадбир иштирокчилари ўзбек тилига, шунингдек, юртимизнинг қадимий ва бой маданиятига катта қизиқиш билдирдилар.

 

Франкфурт-Майн шаҳар мериясининг ғазначилик ва молия, инвестициялар ва инсон ресурслари департаменти бошлиғи Бастиан Бергерхоф ва "КАВ" раисининг ўринбосари Диана Адвич билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида Германиядаги ватандошлар ўртасида ва халқаро майдонда ўзбек тилининг нуфузини ошириш мақсадида Франкфурт-Майнда ўзбек тилида якшанба мактабини очиш режалаштирилаётгани билдирилди. Германия томони ушбу лойиҳани қўллаб-қувватлашга ва мактаб фаолиятини ташкил этишга ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.