Шахси номаълум даҳо математик Клео ўзбекистонлик дастурчи бўлиб чиқди

2013-йил охирида Стаcк Эхчанге сайтининг математика форумида Клео (Cлео) тахаллуси остида янги фойдаланувчи пайдо бўлди. Кейинроқ унинг профил маълумотларига фойдаланувчи аёл эканлиги ҳақида тафсилот қўшилди. Икки йил давомида у мураккаб математик саволларга, ечим қандай келиб чиқишига изоҳ келтирмаган ҳолда, тўғри жавоб берди, шундан сўнг ғойиб бўлди. Бу вақт ичида Клео форум фойдаланувчилари орасида афсонага айланиб улгурган эди.
Фойдаланувчи кимлиги 2025-йилда маълум бўлди
Форум иштирокчилари ўн йилдан ортиқ вақт давомида ушбу профил ортида ким яширинганини аниқлашга уринди. 2025-йилнинг бошига келибгина ҳисобни АҚШда истиқомат қилувчи ўзбекистонлик дастурчи Владимир Решетников яратгани маълум бўлди. “Медуза” нашрида сирли Клео нима учун математикларни шунчалик қизиқтиргани ва ҳисобнинг ҳақиқий эгасини топишга қандай эришилгани ҳикоя қилинган мақола эълон қилинди.
Клеонинг изоҳсиз жавоблари
2013-йил 11-ноябрда Стаcк Эхчанге математика форуми иштирокчиларидан бири интегралга оид тенгламани ечишда ёрдам сўраб мурожаат қилди. Тўрт ярим соатдан сўнг у Клео тахаллусли фойдаланувчидан тўғри жавоб олди. Бироқ жавоб муаллифи бу ечим қандай келиб чиққанини тушунтирмаган, умуман ҳеч қандай қўшимча изоҳ қолдирмаган эди.
Бу Клеонинг форумдаги иккинчи жавоби эди ва ҳозиргача энг машҳури ҳисобланади. Биринчисини у бир неча кун олдин эълон қилган, бироқ ечимни топиш учун кўпроқ вақт — деярли 19 соат талаб этилганди. Форумнинг бошқа иштирокчилари сирли математикка қизиқиб қолишди ва унинг профилини текширишга қарор қилишди. Ўшанда унда Гаусс (буюк немис математиги Карл Фридрих Гаусс) ва Раманужаннинг (ҳинд математиги Сриниваса Раманужан) иккита иқтибоси, шунингдек, яна бир ибора келтирилганди: “Эсда тутинг, сиз битта аксиомалар тизими билан чеклаб қўйилмагансиз. Исталган пайтда ўзингизникини ўйлаб топишингиз мумкин — шунчаки интуициянгиз ва тасаввурингизни ишга солинг”.
Клеонинг ўзи ҳақида биринчи изоҳи
2014-йил охирида профил тавсифида биткоин-ҳамён манзили пайдо бўлди, у орқали Клеога жавоблари учун “миннатдорчилик билдириш” мумкин эди. 2015-йил бошида маълумотлар яна янгиланди ва ўшандан бери ўзгармади:
“Менинг ҳақиқий исмим Клео, аёл кишиман. Менда шундай касаллик борки, мунозараларда қатнашиш ёки узун жавоблар ёзиш менга қийинчилик туғдиради, бунинг учун мени маъзур тутинг. Мен математикани севаман ва бу сайтда, жавобларим ҳаммага ҳам фойдали бўлмаслиги мумкинлигини тушунган ҳолда, фойдам тегиши учун бор имкониятимни ишга соламан”.
Икки йил ичида 39 та жавоб
Атиги икки йил ичида Клео мураккаб математик масалаларга 39 та жавоб эълон қилди, энг охиргиси — 2015-йил 31-декабрда. Уларнинг барчаси тўғри ва тез берилган эди, лекин фойдаланувчи масалаларни қандай усулда ечганини тушунтирадиган ҳеч қандай тафсилотларсиз. Баъзи ҳолларда жавобнинг тўғрилигини ҳамжамиятнинг бошқа аъзолари исботлаган.
Клеонинг жавоб бериш услуби форумнинг баъзи иштирокчиларига ёқмасди. Фойдаланувчиларнинг ғашини келтирган нарса шу эдики, улар тайёр жавоб олишар, лекин изоҳ муаллифи бу ечимга қандай эришганини тушунмасдилар. Бу сайтнинг асосий мақсади — ҳамфикрлар жамоаси билан билим алмашишга зид эди. Айримлар сирли фойдаланувчининг батафсил тушунтиришлар ва ҳисоб-китобларсиз изоҳларини тўлақонли жавоб деб ҳисобламасдилар.
Форум афсонаси
Бу икки йил ичида Клео форумда афсонага айланди, унинг қиёфаси эса қўшимча тафсилотлар билан бойий бошлади. Масалан, у атиги 15 ёшда эканлиги ҳақида миш-мишлар тарқалди, ваҳоланки, бу унинг профилида кўрсатилмаган эди. Форум фойдаланувчиларида эса бошқа ишончли маълумот манбалари (масалан, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалар) мавжуд эмасди. Узоқ вақт давомида ҳамжамият аъзолари Клео профили ортида ким яширинганини аниқлашга уринишди. Баъзида ҳатто сирли ҳисоб айнан уларга тегишли эканлигини даъво қилган одамлар ҳам пайдо бўлди. Лекин бу маълумотлар ўз тасдиғини топмади.