Жанубий Кореяда кўприк қулаб тушди

Жанубий Кореянинг Сеул-Сежонг тезюрар автомагистралида 25 февраль куни эрталаб бахтсиз ҳодиса юз берди. Маҳаллий вақт билан соат 09:49 атрофида қурилаётган кўприк қулаб тушди. Фожиа натижасида камида уч киши ҳалок бўлди, яна беш киши турли даражадаги жароҳатлар олди.
Ҳодиса содир бўлган пайтда ишчилар кран ёрдамида пўлат конструкцияни кўчириш билан банд эди. Кўприк остида жами саккиз нафар ишчи бўлиб, улардан уч нафари вафот этди.
Миллий ёнғин агентлиги қутқарув ва қидирув ишларига ўт ўчирувчиларни жалб этган. Шу билан бирга, мамлакат президенти вазифасини бажарувчи Чхве Сан Мок барча мавжуд ресурсларни сафарбар қилиш ва қутқарув ишларини тезлаштириш бўйича шошилинч кўрсатмалар берган.