Шимолий Орол денгизининг сув сатҳи 42 фоизга ошди

Охирги маълумотга кўра, Шимолий Орол денгизида сув сатҳи 42 фоизга кўтарилган. Бундай ўсишга 2023-йилдаги фаол Эл-Нино даври таъсир қилган бўлиб, у нафақат Амударё балки Сирдарё дарёсида ҳам сув миқдорининг ошишига олиб келган. Бу ҳолат сўнгги 7-8 йил ичида кузатилган энг яхши сув таъминоти сифатида қайд этилмоқда. Қозоғистон ҳукумати Шимолий Оролни Катта Орол денгизидан ажратиб турувчи Кокарал тўғонини реконструкция қилиш ва Сирдарё дельтасини тиклаш лойиҳасини якунлаш арафасида. Мазкур биринчи босқич амалга оширилиши натижасида денгизда сув сатҳининг кўтарилиши кузатилмоқда.
Эксперт фикрлари
Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти амалий иқлимшунослик лабораторияси мудири география фанлари бўйича фалсафа доктори Эркин Абдулахатовнинг қайд этишича, ўтган ёзда ҳарорат муҳити ва намликнинг қишлоқ хўжалиги учун комфорт бўлиши Сирдарёнинг Қозоғистондан оқиб ўтган қисмида сувга бўлган талабни кескин камайтирган. “Бу каби имкониятдан қозоқ ҳукумати тўғри фойдаланиб, 2 км кубга яқин сувни Шимолий Оролга йўналтира олишди. Бу эса катта Оролга Сирдарё дарёсида сув энг яхши бўлган даврда ҳам бир томчи сув етиб келмаслигига олиб келди”, — деб ёзади у.
Қозоғистон ҳукумати бу масалага алоҳида эътибор қаратмоқда
Қозоғистон ҳукумати Жаҳон Банкининг 39 та лойиҳаси асосида ШимолийОролда инфраструктурани яхшилаш, балиқчиликни ривожлантириш, туризм имкониятларини кенгайтириш ҳамда Катта Орол ва Шимолий Оролни ўзаро ажратиб турувчи Кокорал тўғонини мустаҳкамлаш, қайта тиклаш ишларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Мутахассис “ ўзбек ҳукумати қуриган Орол тубида яшил фитомасса яратишга кучни максимал беравериши керак”, дея таъкидлайди.