АҚШ терма жамоаси таркибида дона сурган гроссмейстер Гулруҳбегим Тоҳиржонова Ўзбекистон терма жамоасига қайтди

Олиб борилган музокаралар натижасида Гулруҳбегим яна Ўзбекистон байроғи остида мусобақаларда иштирок этишга розилик берган.
Журналистлар билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида шахматчи қайтиш сабабини маълум қилди.
“Гап пулда ёки ваъдаларда эмас, мен доим ватанимиз байроғи остида қатнашишни хоҳлаганман. Лекин орада шундай давр бўлдики, кетишга мажбур бўлдим. Агар мен Ўзбекистонда муҳит ўзгарганини, шахмат Федерациясида спортчиларга эътибор пайдо бўлганини ҳис қилмаганимда қайтмас эдим”, деди Гулруҳбегим.
Маълумот учун, Гулруҳбегим Тоҳиржонова шу пайтгача АҚШ терма жамоасининг 1-рақамли шахматчиси эди. 2023-йилда у АҚШда “йилнинг энг яхши аёл шахматчиси” дея эътироф этилган.
Аввалги мусобақалар давомида АҚШ ва Ўзбекистон жамоалари дуч келди, аммо Гулруҳбегим ўзбекистонлик шахматчиларга қарши дона сурмади.