Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийининг саломатлиги яна ёмонлашди

ЖЧ-2026 3-саралаш босқичида курашни давом эттираётган Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугундан Қатарда йиғин ўтказади. Унда асосан ички чемпионатда тўп тепаётган футболчилар иштирок этишади. Бироқ бу йиғинда энг керакли инсон иштирок эта олмайди.
ЎФА ахбороти
ЎФА матбуот хизмати Сречко Катанес соғлиғидаги муаммолар сабаб терма жамоанинг Қатардаги йиғинида ишштирок эта олмаслигини маълум қилди. "Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугун Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида навбатдаги ўқув-машғулот йиғинларига киришади. Бош мураббий Сречко Катанес саломатлиги ёмонлашгани сабабли шифокорлар тавсиясига кўра ушбу йиғинда қатнаша олмайди. Йиғин давомида жамоамиз билан ёрдамчи мураббийлар Алеш Чех ҳамда Владо Радманович иш олиб боришади. Сречко Катанесга саломатлик тилаймиз",- дейилади хабарда.
"Учинчи марта терма жамоани соғлигим туфайли тарк этсам, бошқа қайтиб келмайман"
Жамоа бош мураббийи дастлаб 2023-йилнинг июн ойида соғлиғидаги муаммо сабаб, даволаниш мақсадида ўз уйига кетган эди. Шундан сўнг, жаноб Катанес 2024-йилнинг март ойида бўлиб ўтган ЖЧ-2026 саралаш босқичи доирасидан ўрин олган Гонконгга қарши ўтган Тошкентдаги учрашувни ҳам кутилмаганда соғлиғи билан юзага келган муаммолар туфайли ўз ватани Словенияга жўнаб кетишга мажбур бўлиб, ўтказиб юборганди. Кейинчалик, 2024-йилнинг 5-июн куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Сречко Катанес Туркманистон терма жамоаси билан ўйин олди ташкил қилинган матбуот анжуманида саломатлиги билан боғлиқ масалага тўхталди. "Соғлигим ҳақида тўлиқ айтиб берсам, анча вақт керак бўлади. Айни пайтда соғлигим анча яхши. Агар учинчи марта терма жамоани соғлигим туфайли тарк этсам, бошқа қайтиб келмайман" — деди мураббий.
Онкологик хасталик
Тасдиқланмаган хабарга кўра, мураббий узоқ вақт даволаниш ва катта маблағни талаб этадиган онкологик хасталикка чалингани маълум қилинган эди. Бугун ЎФА томонидан эълон қилинган хабар ҳар гал оммага тақдим қилинар экан, мураббий атрофида яна мана шу масала актуаллаша бошлайди.
Янгиларни ким кўриб олади?
Қизиқарлиси, бундан 3 йил аввал Дубайда ташкил қилинган йиғинда ҳам Катанес коронавирус сабабли қатнаша олмаган. Бу гал яна ФИФА кунларидан ташқарида машғулотлар олиб борилади ва унда янги футболчилар кўздан кечирилиши режалаштирилган эди. Бироқ шундоқ ҳам ўзгаришлар ва янгиликиларга тоқати йўқ мураббий яна йиғинда иштирок эта олмайди. Бу ҳоалтда вазиятқандай якун топади, кимлар навбатдаги расмий ўйинлар учун сараланади барчаси номаълум?! Аҳамиятлиси, бу галги йиғинга жалб қилинган футболчиларномига разм солар экансиз, таркибдаги футболчиларнинг катта қисми терма жамоадан илк бор чақирув олганига гувоҳ бўласиз.
Маълумот учун, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ушбу йиғин доирасида 27 январ куни Иорданияга қарши назорат учрашувида майдонга тушади. Беллашув Тошкент вақти билан соат 22:00да "Абдуллоҳ бин Халифа" стадионида бўлиб ўтади. Терма жамоамиз март ойида Қирғиз Республикаси ҳамда Эронга қарши баҳс олиб боришади.